Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Хужжат ўз мазмун-моҳияти билан ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкор иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт ҳажмларини ошириш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва малакали мутахассисларни кенг жалб қилиш, пировард мақсадда ўз бизнесига эга оилаларни кўпайтиришни кўзлайди.

Қарорга кўра, иссиқхона хўжалигига эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагини билдирган аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари аниқланиб, ташаббускор аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар ташкил этилади.

Шунингдек, қайта фойдаланишга киритиладиган, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган, пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар ҳамда яроқсиз боғ ва токзор ер майдонларида ҳар бири камида 20 сотих бўлган иссиқхонали турар жой мажмуалари барпо этилади. Ташаббускор аҳолини танлаш инвесторлар ва туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

Қарорда Уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бунда, давлат шериги:

-захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган, пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар ҳамда яроқсиз боғ ва токзорлар жойлашган ер майдонларини ижарага беради;

-уй-иссиқхона мажмуасига ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортилишини таъминлайди.

Инвесторлар:

-лойиҳаларнинг концепцияси, лойиҳа баҳолаш ҳужжатларини ишлаб чиқади;

-мажбуриятларнинг бажарилишини ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади;

-шартномада келишилган муддатгача етиштирилган маҳсулотларни ташқи ва ички бозорларда сотишни ташкил этади;

-келишилган муддат ва миқдорда хизмат ҳақи тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади;

Битим муддати тугагандан сўнг шу ерда фаолият юритаётган ташаббускор аҳолига уй-иссиқхона мажмуасини бепул тарзда расмийлаштириб беради.

Қарор билан, Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йилнинг 31 декабригача;

-Хориждан олиб келинадиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар 2023 йилнинг  31 декабригача божхона божидан озод қилинмоқда.

Иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилмоқда. Импорт экспертиза хулосаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК томонидан берилади.

Қарорда:

-манфаатдор вазирлик ва идораларга Бухоро туманида “Замонавий иссиқхона хўжалиги” халқаро кўргазмали семинарини ташкил этиш ҳамда халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш;

-уруғчилик, навчилик, лаборатория ва логистика масалаларини қамраб оладиган кластер тизимини жорий қилиш;

-ҳар йили “Ташаббус” кўрик танловида “Энг илғор иссиқхона хўжалиги” номинациясини жорий этиш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қарор доирасида амалга ошириладиган тадбирлар натижасида:

Ҳар бир вилоятда 100 та уй-иссиқхона мажмуаси барпо этилиши ҳисобига 390 гектар яхлит майдонларда иссиқхоналар қурилади. Бу орқали йилига қўшимча 39 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади, 23,4 млн доллар миқдоридаги 26 минг тонна маҳсулотни экспорт қилинади, 1 300 нафар киши янги доимий иш ўринлари билан таъминланади.

Биргина Бухоро вилоятида 100 та уй-иссиқхона мажмуаси қурилиши ҳисобига 30 гектар яхлит майдонларда иссиқхоналар барпо этиш, йилига қўшимча 3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 1,8 млн доллар миқдоридаги 2 минг тонна маҳсулотни экспорт қилиш имконияти яратилади.

You may also like...

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Font Resize